+998 (65) 221 29 06

+998 (65) 221 30 46

Iqtidorli yoshlar ijodidan

  1. Bosh sahifa  
  2. Iqtidorli yoshlar ijodidan  
  3. ТЕЛЕФОН ОШ-НОН БЕРАДИМИ?

ТЕЛЕФОН ОШ-НОН БЕРАДИМИ?

18.04.2025

“ТЕЛЕФОН ОШ-НОН БЕРАДИМИ?...”

Бугун ҳаётимизни мобил телефонсиз тасаввур қилиш қийин. У фақат алоқа воситаси эмас, балки будильник (уйғотгич), ён дафтарча, камера, китоб, ҳатто дўкон ҳам бўлиб улгурган. Аммо шу қулайликлар ортида бир савол турибди: телефон бизга ростдан ҳам фойда беряптими? У бизни едиряптими, ичиряптими ёки аксинча, бизни ўзига қарам қилиб, ҳаётдан завқ олишимизга тўсқинлик қиляптими? Ота-онамизнинг “Телефонинг сенга ош-нон берармиди?!” деган танбеҳлари қанчалик тўғри? 

Авваллари одамлар нон топиш учун меҳнат қиларди. Бу жараён тинимсиз ҳаракат ва изланишни тақозо этади, албатта. Бугун эса аксарият ишларимизни телефон ёрдамида битиряпмиз. Нимадир харид қилгимиз келса, нимадир егимиз келса, қаергадир боргимиз келса – телефон хизматимизга ҳозиру нозир.  
Бугун кўпчилик телефон орқали даромад топяпти. Аммо бу даромаднинг ҳар бир сўми телефон титкилашга кетган вақт, соғлиқ ва диққат ҳисобидан бўляпти. Бир соатлик экран вақти – бир пиёла чойга арзирмикин?
Кўчаларда қулоқчин тақиб, “бошини телефонига тиқиб олган” кўрганмиз. Уларга атрофдаги воқеалар, одамлар, ҳатто ҳаётнинг ўзи бегона бўлиб қолган. Улар виртуал дунёда яшайди, аммо реал ҳаётда ёлғиз.
Афсуски, телефон билан ортиқча вақт ўтказиш кўплаб муаммоларга сабаб бўляпти: уйқусизлик, руҳий тушкунлик, ижтимоий муносабатларнинг сусайиши... Бу технологик қурол бизга хизмат қиляптими ёки биз унга хизмат қиляпмизми?
Албатта, мобил воситалар тўғри ва меъёрида ишлатилса, фойдали. Ундан таълим олиш, мулоқот қилиш, янгиликлардан хабардор бўлиш мумкин. Лекин у “ош-нон беради”, деб алдансак, ҳақиқий меҳнат, ҳақиқий ҳаёт ва ҳақиқий муносабатлардан узоқлашамиз.
Шу сабабли, ҳар биримиз ўзимизга савол беришимиз керак: “Телефон менга хизмат қилаяптими ёки мен унга?” Чунки телефон ҳеч қачон тандир ёқиб, нон ёпмайди, лекин вақтни куйдиради. Вақт эса – ҳаётдир.
Энди, ўзингиз айтинг: Телефон бизга ош-нон берадими?...

Моҳинур ФАТУЛЛАЕВА, 
БухДУ журналистика таълим йўналиши талабаси