+998 (65) 221 29 14

+998 (65) 221 27 64

Yangiliklar

  1. Bosh sahifa  
  2. Yangiliklar  
  3. USTOZLAR YODI BARHAYOT

USTOZLAR YODI BARHAYOT

11.01.2022

Воҳид Абдуллаевич Абдуллаев(1912-1985)Филология фанлари доктори, профессор академикМашҳур адабиётшунос, навоийшунос аллома - академик Воҳид Абдуллаев Самарқандда жуда кучли адабиётшунослик, навоийшунослик мактабини яратган. Кўплаб шогирдларини етук олимлик даражасига етказган беназир устоз эдилар. Кириб келаётган Ҳаййит айёми олдидан устозларни ёдга олиш хайрлидир. Худо жойларини жаннатдан қилсин бу азиз инсон ва зукко олимни!Воҳид Абдуллаев - меҳнат фаолиятини 1935 йилда Тошкент шаҳридаги “Ёш куч” журнали ҳамда драмстудияда адабий ходим сифатида бошлаган. В.Абдуллаев катта ҳаёт йўлини босиб ўтди. 1912 йилнинг 13 майида Самарқанднинг Чорраҳа мавзеида дунёга келган устоз озроқ муддат эски мактабда, 1920-1927 йилларда Алишер Навоий номидаги янги усулда иш кўрувчи билим даргоҳида таҳсил олди. Кейин она шаҳрида жойлашган таълим-тарбия техникуми (1927-1930)да, шунингдек, Мирзо Улугбек номидаги Фарғона давлат педагогика институтининг ижтимоиёт-адабиёт бўлими (1930-1932) да ўқиди. У таҳсил билан бирга муаллимликни ҳам қўшиб олиб борди. Фарғона шаҳридаги хотин-қизлар рабфакида она тили ва адабиётдан дарс берди. Муаллимлик ва илмга бўлган баланд иштиёқ устоз учун қўш қанот вазифасини ўтади. У 1933-1935 йилларда (Самарқанд, Тошкент, Москва) аспирантура таҳсили билан бирга Тошкент шаҳрида жойлашган Республика ўқитувчилар малакасини ошириш институтида адабиёт муаллими сифатида фаолият кўрсатди. Маълум муддат Шарқ халқлари адабиётининг катта тадқиқотчиси ва дўсти Е.Э.Бертельсдан сабоқ олди. Айни жараён В.Абдуллаевнинг мазмунли илмий хаёти учун истиқбол уфқларини очиб берди.Тақдир ришталари кучга тўлган ва муайян илмий-муаллимлик тажрибасига эга бўлган устознинг қисматини Бухоройи Шариф билан боғлади. Зийрак, нутқи равон, қалби илмга ташна йигит 1936-1938 йилларда Бухоро педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида фаолият кўрсатди. Дастлаб ўқитувчи, кейинчалик кафедрани бошқарган устоз таржимаи ҳолида бағри илму ирфон, нодир маънавий хазиналарга бой она Бухоро ўчмас из қолдирди.  1938 йилдан умрининг охирига қадар (1985 йилнинг 29 июли) унинг ижтимоий илмий тақдири “Фирдавсмонанд” “Самарқанд” (Алишер Навоий) да кечди 1941 йилда “Алишер Навоий ҳаёти ва ижодининг Самарқанд даври” мавзуида номзодлик, 1959 йилда “Ўрта асрларда Хоразмда ўзбек адабиёти”  мавзуида докторлик диссертациясини  муваффақиятли ҳимоя қилди. Ўз РФА мухбир аъзолиги (1960) ва академиклигига (1966) сайланди. Олим қатор унвону мукофотлар, мартабаю мансаблар соҳиби бўлди. Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлигига (1963,1967) муяссар бўлди. Алишер Навоий номидаги СамДУ (1963-1970) ректори даражасига етди. Ақадемиқ В. Абдуллаевнинг тўрт юз элликка яқин илмий рисола, дарслик, мақола шеърий ҳамда насрий асарлари мажмуалари босилди. Устоз Самарқанд адабиётшунослик мактабига асос солади. Бироқ яна бир улуғ ҳақиқат борки, уни қайд этмасликнинг сира иложи йўқ: Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган фан арбоби, академик Воҳид Абдуллаевнинг Шариф Бухорога бўлган юксак муҳаббати унинг жавоҳирот сандиғига қиёс этгулик қалбида ҳамиша ўзидан дарак бериб кетди.Яна бир гапни ифтихор билан қайд этиш жоиз: Устоз Бухорода юқори малакали илмий ходимлар тайёрлашдек улуғ ишга ўз шогирдларини ҳам сафарбар қилди. Улар раҳнамолигида Т. Қораев, О. Расулова, М. Қосимова, А. Абдураҳмонов, Т. Норов номзодлик ишларини ҳимоя қилган. Шу улуғ инсон шарофати билан бугун Бухорода адабиётшунослик мактаби шаклланди. Биз Воҳид Абдуллаев ҳақларида Ўзбекистон ҳалқ шоири Жамол Камолнинг хотиралари билан сизларни таништирмоқчимиз:Ё Д Н О М АЖамол Камол,Ўзбекистон халқ шоири АКАДЕМИК ВОҲИД АБДУЛЛАЕВИЧ АБДУЛЛАЕВНИ ЭСЛАБТабиатда қуйма олтин, ёмби гавҳар учрайди, дейдилар. Гавҳари шабчироқ ҳақидаги эртакни ўқигансиз. Хўш, ёмби гавҳар, гавҳари шабчироқ деб аташга арзигулик инсонлар учрамайдими? Ёмби гавҳар ўзидан нур таратиб турармиш, унинг ёғдусида кечаси китоб ўқиса бўлармиш.Ҳаётда ўзидан нур таратиб турадиган инсонлар йўқми? Бор, атоқли адабиётшунос олим, академик Воҳид Абдуллаев ана шундай сиймо эдилар. Неча йиллар Самарақанд адабий муҳитини машъал бўлиб ёритиб турдилар.Мен бу муҳтарам зот ила Бухоро педагогика институти (ҳозирги университет) да танишганман. У киши давлат имтиҳонлари комиссиясининг раиси бўлиб келганди ўшанда. Басавлат, ширинсўз, бутун қиёфасидан нур таралиб турган Воҳид домла давраларнинг гули бўлган, бир неча шогирдлар орттирган эди Бухорода.Иккинчи бор Тошкентда кўришиб, суҳбатлашдик. Суҳбатимиз қизиқ кечган. Бир куни эрталаб аспирантлар ётоғидан чиқсам, эшикда Воҳид домла турибдилар. Саломлашдим.“Аспирантурада ўқияпсизми? Ҳай-ҳай, на гўзал, - дедилар табассум қилиб. – Ғайрат қилинг! Шоирдан ёмон олим чиқмайди”.Кейин қайси мавзуда ишлаётганим, илмий раҳбарим ҳақида суриштирдилар. Ва тўсатдан: “Мени вокзалгача кузатиб қўйсангиз, учта муҳим гап айтаман, хурсанд бўласиз”, - дедилар.“Жоним билан, домла”, - дедим ва қўлларидан портфелни олдим.Икков йўлга тушдик. Аспирантлар ётоғидан катта йўлгача чамаси уч юз метр масофа. Ўн учинчи трамвайга ўтириб, вокзалга жўнадик. Тиқир-тиқир кетяпмиз... Вагонда одам сийрак. Воҳид домла овоз қўйиб, баланд руҳ билан ғалати бир шеър ўқидилар:Нимайиз бор, нимайиз бор?Бир намат, бўйрамиз бор.Сенингдек подшоларгаДуойи бериёмиз бор.“Қалай? – дедилар мен томонга маъноли боқиб.“Зўр!” – дедим.“Ана шунақа! Бизга ҳамроҳ бўлсангиз, теша тегмаган шеърларни эшитаверасиз, - дедилар кулиб. – Келинг, энди биринчи муҳим гапни айтай... Сизни кекса ҳофиз Расулқори Мамадалиев дуо қилган. Хабарингиз борми?”“Йўқ”, – дедим.“Бўлмаса, эшитинг. Марғилонда эдик. Катта давра. Тўрда Расулқори ҳофиз. Ашулахонлик. Бир маҳал телевизорда “Марҳаба, талантлар!” кўрсатуви бошланди. Фарғоналик ёшлар билан бухоролик ёшлар беллашуви. Бухоролик қизлар сизнинг “Ҳай-ҳай, на гўзал, кўзгуда жонона кўринди” шеърингизни қўшиқ қилиб айтишди. Жюри раиси Туроб Тўла уларнинг ижросига ўн балл баҳо берди. “Шоирига ҳам тан бериш керак, - деди таъкидлаб, - шеърни қиёмига етказибди”.Шунда Расулқори “Шоири ким?” деб сўраб қолдилар. Мен бухоролик ёш шоир Жамол Камол деб сизни таъриф-тавсиф қилдим... Кекса ҳофиз даврага юзланиб, келинглар, биродарлар, шу йигитни бир дуо қилайлик деб, дуога қўл очдилар. Сизни астойдил дуо қилдилар. Давра аҳли, чамаси йигирма чоғли киши “омин!” деб дуога қўшилди... Ҳаммага ҳам насиб этмайди бу! Хўш, хурсандмисиз?”“Хурсандман, умрлари узоқ бўлсин!” – дедим.Трамавайда “тиқир-тиқир” кетяпмиз денг...“Энди иккинчи гапни эшитинг, - дедилар Воҳид домла. – Биласиз, биз, ўзбеклар, Алишер Навоийга эга чиқдик. Тожиклар Абдураҳмон Жомийга, озарийлар Шайх Низомий Ганжавийга эга чиқишди. Амир Хисрав Деҳлавийга ҳеч ким эга чиқмади. Ота-боболари Шаҳрисабзнинг турк-лочин уруғидан, ўзи Ҳиндистонда туғилиб ўсган, ўша даврнинг анъанасига мувофиқ форсийда ижод этган. Форслар уни ҳинд шоири деса, ҳиндлар форс шоири дейди. Миллати бугуннинг ибораси билан айтганда – ўзбек... Ана шу буюк зотга биз эга чиқишимиз керак. Унинг ижодини ўрганишимиз, таржима қилиб, халққа тақдим этишимиз лозим. Бу борада сиз, ёш ижодкорлар фаоллик кўрсатсангиз, айни муддао бўлур эди. Маъқулми?”“Маъқул”, - дедим мен.Воҳид до мла оҳангини келтириб, яна шеър ўқишга тушдилар.    Илоё, қорайсин фалакнинг юзи,    Жафо бирла жуфту вафо бирла тоқ.    Исодек кишига бериб бир эшак,    Эшакдек кишига берар арғумоқ.“Қалай?” дегандек менга қарадилар.“Зўр!” – дедим. Буни қарангки, бу кимнинг шеъри, деб сўрамабман ўшанда. Бу гап кейин хаёлимга келди.Трамвай вокзалга яқинлашиб қолганда, учинчи муҳим гап ҳам айтилди.“Ҳеч қачон мевани, сабзавотни пўсти билан еманг. Масалан, узумни ҳам, бодрингни ҳам пўстини айириб, арчиб енг. Негаки, пўст – қобиқ, мағизнинг ҳимоя қобиғи. Табиат уни шу мақсадда яратган, ейиш учун эмас. Шундоқ экан, мағиз билан пўстни ҳам қўшиб еб, ошқозон-ичакни қийнаманг. Пўст барибир хазм бўлмайди... Соғликни асраб-авайлашни одат қилинг”.“Раҳмат, домла!” – дедим.Вокзалга етиб келдик. Трамвайдан тушиб, вокзал эшигига томон йўл оларканмиз, Воҳид домла мени ҳайрон қолдириб, яна шеър ўқий кетдилар:     Хушдирки дами ажал чекиб бодайи ноб,     Сармаст ётам қабрда то рўзи ҳисоб.     Ғавғойи қиёматда турам масту хароб,     На фикри ҳисоб ўла, на парвози азоб..“Хўш, кимнинг шеъри бу?” – сўрадилар мендан.“Фузулийники”, - дедим, мен бу рубоийни ёд билардим.“Баракалла! – дедилар, - Навоий ва Фузулий икки беназир шоир. Уларни ҳар куни ўқиш керак”.Домлани вокзал ичкарисига кузатиб, изимга қайтдим. Йўл бўйи боя эшитганим дастлабки икки шеърни ичимда такрорладим. Хотирамда нақшланиб қолди улар.Йиллар ўтди. Бир гал Бухорога борадиган бўлдим. Янги китоби корректурасини ўқишга келган шоир укамиз Тошпўлат Аҳмад менинг машинамда бирга кетадиган бўлди. Машинани галма-галдан ҳайдаб, Самарқандга етдик. Улуғбек расадхонаси пойида, чойхонада овқатланиб, чой ичдик.Тошпўлат тўсатдан эслаб қолди.“Жамол ака, - деди у, - Воҳид домланинг хотини вафот этган... Кириб, кўнгил сўраб чиқмаймизми?”“Адресни биласизми?”“Биламан”, – деди Тошпўлат. У Самарқанд университетида ўқиган, адресни билиши шу тафайли эди.“Ўтиринг машинага, ҳайданг”, - дедим.Хуллас, бир неча айлнама йўллардан ўтиб, Воҳид домланинг эшигига бордик. Қия очиқ дарвозадан қараб, супада ёғоч кроватда бошини эгиб, ёлғиз ўтирган домлани кўрдик. Ичкарига кириб, саломлашдик. Кўнгил сўрадик. Воҳид домла марҳумага атаб Қуръон ўқидилар, биз қўл очиб, “омин” дедик. Мен атрофга разм солдим. Деворларининг сувоқлари тўкилиб турган хароб ҳовлича. Кимсан бир неча йил Самарқанд давлат университетининг ректори бўлган, академик Воҳид Абдуллаев шундай хокисор аҳволда яшайди, деб ўйламагандим. Бу мўътабар инсонга бўлган меҳру ихлосим янада ортди...“Умр йўлдошидан айрилиб қолган бу қайғули инсоннинг эндиги ҳаёти қандай кечаркин?” – деган ўй кўнглимдан ўтди. Худди саволимга жавоб бергандек, домла шу онда бир байт шеър ўқидилар:Зиндаги бар гардан афтодаст, Бедил, чора чист?Шод бошад зистан, ношод бошад зистан...(Тириклик бўйнингга тушгач, Бедил, илож қанча?Шод бўлсанг ҳам яшайсан, ношод бўлсанг ҳам, яшайсан)Ярим соатча суҳбатлашиб, сўнг хайрлашиб, биз Бухорога жўнадик. Воҳид домла билан охирги кўришганим шу бўлди. Бошқа кўришмак насиб этмади. Оқкўнгил, олийҳиммат, мунаввар зот эдилар домла.Илоё, жойлари жаннатда бўлсин! Нашрга тайёрлади:Анвармирзо ХусаиновЭкологик хавфсизлик халқаро фанлар Академиси академигиШоира АҳмедоваБухДУ филология фанлари доктори, профессориАзалшоҳ ҲамроевБухДУ тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи директори