+998 (65) 221 29 14

+998 (65) 221 27 64

Новости

  1. Главная  
  2. Новости  
  3. Жамиятнинг қон томири бўлган таълимга эътибор кел…

Жамиятнинг қон томири бўлган таълимга эътибор келажакка эътибордир

20.12.2022

Бугун жорий йил учун Янги Ўзбекистон тарихига зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган қутлуғ кун. Боиси ўтаётган йил сарҳисоби ва кириб келаётган янги йилимизни том маънода яхши йилга айлантириш мақсадида қилинадиган ишлар ва истиқболли режалар тўғрисидаги Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси эфирга узатилди. Ушбу мурожаатнома халқимиз ҳаётида уйғониш ва ислоҳотлар даври бўлиб тарих саҳифаларига кириши учун бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмуний давомидир.

Президентимиз Олий Мажлисга юзланиш асносида бутун бир халқимизга мурожаат қилдилар. Ушбу мурожаатномада жорий йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” дея аталиши энг олий мақсад ҳисобланган инсонни шарафлаш, унинг қадри, шаънини олий қадрият билиш, орзу-ниятларини амалга ошириш йўлида таълимнинг аҳамиятини белгилаш учун дастурул амал бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.

Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир. Адолат тарозусига тортадиган бўлсак, сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя илгари сурилмоқда. Айниқса, бу эзгу ғоя бир неча йиллардан буён бир онанинг эгиз боласидек умргузаронлик қилаётган ўзбек ва қорақалпоқлар мисолида теранроқ англашилади.

Муҳтарам президентимиз бу хусусда сўзлар экан, “Биз учун "Қорақалпоғистон ютуғи - бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши - бутун Ўзбекистон ташвиши" деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб келган халқларимиз дўстлигига ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. Чунки бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир" дея алоҳида таъкидладилар. Зеро, ушбу жумлалар ҳар ўзбек қалбида кеча ёки яқин ўтмишда муҳрланган сўз эмас, балки қон-қонига, жон-жонига сингиб кетган азалий биродарчилик жумласидир. Ястаниб ётган Қизилқум саҳроси, оғриқли нуқтамиз Ороль денгизи, Устюрт платоси, кенг яйловлар ва Амударё мансабидаги ўтлоқларда яшовчи миллатни ҳеч қачон ўзимиздан айри тасаввур этолмаганмиз.

   Ҳар қайси давлат ҳуқуқ тизимида бир талай қонунлар мавжуддир. Аммо улар орасида энг асосийси деб эътироф этиладиган бирдан-бир қонун конституциядир. Муҳтарам президентимиз Олий Мажлисга мурожаатномасида “Янги Ўзбекистонга мос бўлган Конституцияни ҳар томонлама ўйлаб, шошилмасдан ишлаб чиқиш керак”лигини алоҳида таъкидлади. Ниҳоятда мураккаб жараён ҳисобланган Конституциямиз муҳокамаси инсон қадрини улуғлаш руҳи билан бойитилгани, келажак авлодларга муносиб хизмат қила олиши учун фуқароларимиз билдирган барча таклиф ва истаклар албатта инобатга олиниши айтилди.

Президентимизнинг энг аввало, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз, деган куйинчакликларида бугунги кунга қадар ўз қийматини йўқотмаган Фитрату Беҳбудийларнинг эзгу орзу-ниятлари, ҳаракатлари мужассамдир. Зеро, ушбу эзгу ғоя ҳар замонда ўз долзарблигини йўқотмайди. Дарҳақиқат, бундан 11 аср олдин буюк мутафаккиримиз Юсуф Хос Ҳожиб “Ўқув қайда бўлса, улуғлик ўлур, билим қайда бўлса, буюклик олур” деганда бутун инсониятнинг келажаги учун таълим ва тарбия орқали комилликка, тинч ва осойишта жамият сари бориш мумкинлигини эслатма ўлароқ ёзиб қолдирадилар. Зеро, Эдверт Эверетт назди билан айтганда, Таълим ва тарбия армиядан кўра мустақиллик ва эркинликни ҳимоя қилишнинг ишончли воситаси. Миллатнинг нажот йўли ҳам аслида таълимдадир. Таълим бу бутун умр эгасини кузатиб борадиган хазинадир. Жамиятнинг қон томири бўлган таълимга эътибор Янги Ўзбекистоннинг галдаги нурафшон йўлининг маёғидир.

Ҳар қандай соҳанинг ривожи унда фаолият олиб борадиган кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида устозларнинг жамиятда обрўйини оширишга алоҳида тўхталинди. Давлат раҳбари томонидан берилган бу эътибор устозларга фахр-ифтихор уйғотиши баробарида ўз касбига бўлган масъулиятини оширади, ўз устида ишлаши учун куч бағишлайди. Устоз деган шарафли номнинг, инсоният тарихида ҳамиша қадр ва қиймат билан эътироф этилиши ва бугун айнан давлат раҳбари минбардан туриб баралла эъзозлаши қийматли ҳодисадир. Томирларида олим-у уламо, фозил-у фузалоларнинг иқтидори, шижоати, яратувчанлик қони оқаётган ёш авлодни тарбиялаш ва таълим бериш йўлида жонбозлик кўрсатаётган устозларга ҳар қанча енгиллик, шарт-шароит яратилса бу – келажак йўлида қурилган энг мустаҳкам пойдевор демакдир. Айниқса, бугунги кунда мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириш кераклиги президентимиз томонидан таъкидланди. Ҳар бир вилоятда биттадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилиши, келаси беш йилда барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олиниши белгиланди. Зотан, сифатли кадр ҳамда сифатли таълимга эришиш учун бугунги тезкор ва глобаллашув жараёнларига мослаша оладиган, жаҳон стандартларига жавоб берадиган, фаолиятини коррупциядан холи ҳалоллик асосида ташкиллаштирадиган фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашимиз лозим.

Бухоро давлат университети ректори,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор О.Х.Хамидов

Ресурсы