+998 (65) 221 29 14

+998 (65) 221 27 64

Yangiliklar

  1. Bosh sahifa  
  2. Yangiliklar  
  3. ЎЗБЕКИСТОН-МИСР: ИЛМ ФАН МАСОФА ТАНЛАМАС

ЎЗБЕКИСТОН-МИСР: ИЛМ ФАН МАСОФА ТАНЛАМАС

23.02.2023

Сўнги олти-етти йилда мамлакатимиз дунёга тарихда аждодлари икки Ренессанс асосчиларидан бўлган юрт сифатида бор бўйбастини кўрсатиб келмоқда. Бунда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг барча соҳалар сингари дунёнинг турли минтақасидаги давлатлар билан тинчликпарвар, ўзаро ҳамкорликка асосланган дўстлик алоқаларини яратишдаги шижоатлари, яратиб берган тизимлари алоҳида аҳамият касб этади. Бугун янги Ўзбекистонни барча мамлакатлар шиддат билан ривожланиш сари интилувчи, тинч ва бағрикенг диёр асосийси, барча соҳада муносиб ҳамкор дея тан олмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг таклифига биноан жорий йилнинг 20-21 феврал кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Жараёнларни оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб бордик. Мазкур муҳим воқеа икки давлат учун алоҳида аҳамиятга эга эканлигини қайд этиш ўринлидир. Миср ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини изчил равишда таҳлил этсак, ўзаро алоқалар барқарор равишда, дўстона руҳда кўплаб соҳаларда кенгайиб бораётганига гувоҳ бўламиз. 

 Айтиш жоизки, Миср — араб давлатлари орасида биринчилардан бўлиб, 1992 йилнинг 26 декабрида мамлакатимиз мустақиллигини тан олган. Ўзбекистон Миср давлати билан халқаро майдонда илк дипломатик алоқаларни йўлга қўйган даврдан бошлаб, то ҳозирга вақтга қадар ишончли ҳамкор эканлигини намоён этди. Бугун аҳолиси 107,3 миллиондан ортиқ Миср Араб Республикаси Африка қитъасидаги иккинчи йирик, 440 миллиард доллардан ортиқ ялпи ички маҳсулотга эга бўлган давлат саналади. Охирги беш йилда иқтисодий йўналишда юртимизнинг бу мамлакат билан савдо алоқалари уч баробарга ошган.

 Икки давлат муносабатларини йўлга солувчи турли доирадаги ҳужжатларни ўз ичига қамраган шартномавий-ҳуқуқий база мавжуд. Эътиборли жиҳати шундаки, икки давлат халқаро миқёсда бир-бирини дипломатик жиҳатдан олқишлаб келмоқда. Чунончи, 2018 йил

22 июнда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” БМТ резолюциясини Миср ҳам қўллаб-қувватлаган эди.

Мазкур муҳим ташриф доирасида ушбу давлатнинг араб, умуман, мусулмон оламидаги, шунингдек, Африка қитъасидаги мамлакатлар орасида Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эгалигини қайд этиш ўринлидир. Сабаби, Миср ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини таҳлил қилсак, ўзаро алоқалар барқарор равишда, дўстона руҳда кўплаб соҳаларда кенгайиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Хозирги кунда икки мамалакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-маънавий, сайёҳлик жумладан, зиёрат туризми соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини ҳам таъкидлаш мумкин.

Ўзбекистон билан Миср ўртасида олий таълим соҳасида, хусусан, араб тили ва араб адабиёти, исломшунослик, манбашунослик, Араб Шарқи мамлакатлари иқтисодиёти, фармакология, қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва бошқалар йўналишларда мустаҳкам алоқалар мавжуд. Шу билан бирга, юртимизнинг қатор олий таълим муассасаларида араб тили бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Хусусан, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тили институтида, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида талабалар араб тилини алоҳида таълим йўналиши сифатида ўрганишмоқда.

 Икки давлат олий таълим тизими вазирлари ўртасидаги музокаралар давомида Миср олий таълим муассасалари профессор ўқитувчиларини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида дарс беришлари қайд этилди. Шу билан биргаликда, юртимиздаги олимларни ҳам Миср Араб Республикасидаги олий таълим муассасаларида дарс ўтишлари ҳамда ушбу дўст давлатдаги таълим муассасаларининг филиаллар, қўшма таълим дастури доирасидаги таълим берувчи бўлимлари фаолиятини йўлга қўйиш ҳам белгиланди.

  Шунингдек, Президентимизнинг икки мамлакат шоир ва адиблари, санъаткорлари ва маданият арбобларининг ўзаро ташрифларини йўлга қўйиш, буюк аллома бобомиз Аҳмад ал-Фарғонийнинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросини чуқур ўрганиш ҳамда ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида икки мамлакат олимларининг дўстлик илмий жамиятини ташкил этиш ташаббуслари албатта ўзининг ижобий самараларини беради. Биргина, юртимиздаги ёш олимларнинг ўз буюк сиймоси – Аҳмад ал-Фарғонийнинг ҳаёти ва ижоди ўрганиш билан бирга, илм-фан соҳасида дунё тамаддунидаги ноёб илмий-тадқиқот ишларини тадқиқ қилиш имкониятини ҳам кенг очиб беради. 

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 2024 йилда “Арабшунослик глобал форуми”ни биргаликда ўтказиш ташаббуси ҳам икки давлатни барча соҳалар айниқса, таълим, илм-фандаги ютуқларни бир нечи карра юксак натижаларни қўлга киритишга замин бўлади.

 Умуман олганда, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги халқаро ҳамкорлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу ташриф давлатларимиз ҳамкорлиги тарихида янги саҳифа очиш баробарида, келгусида икки мамлакатнинг янада яқин алоқаларида янги босқични бошлаб беради.

Обиджон ХАМИДОВ,

Бухоро давлат университети ректори, профессор