Хориждан талабалар ўқишини кўчириш бўйича имтиҳонлар асосан тест синовлари шаклида, айрим таълим йўналишларига касбий (ижодий) имтиҳон шаклида ўтказилади. Тест синовлари Давлат тест маркази томонидан, касбий (ижодий) имтиҳонлар тегишли олий таълим муассасалари томонидан ўтказилади.
Ўзбекистондаги нодавлат олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш ҳам хориждан ўқишни кўчириш учун белгиланган тартибларга мувофиқ амалга оширилади. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш учун танланган бакалавриат таълим йўналишига кириш фанларидан имтиҳонлар ўтказилади. Хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш учун рўйхатдан ўтишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади: - рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома ёхуд транскрипт нусхаси (биттаси бўлса кифоя); - паспорт нусхаси.
Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчиришда оилали талабаларга имтиёзлар кўзда тутилмаган. Агар талаба хорижий олий таълим муассасасига ўқишга киргандан сўнг турмушга чиққан бўлса, ушбу талаба баҳорги семестр бошланишидан олдин ҳам ўқишини турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтиши ва имтиҳонларда иштирок этиши мумкин.
Ҳозирги кунда фуқароларнинг таклифлари асосида “Республика давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бўйича турдош олий таълим йўналишларининг рўйхати”га қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилмоқда. Мурожаатингизда кўрсатилган масала вазирликда таянч олий таълим муассасалари мутахассислари билан биргаликда кўриб чиқилмоқда. Киритилган ўзгартиришлар тўғрисида вазирлик веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар берилади.
Мактабгача таълим йўналиши ва Бошланғич таълим йўналиши турдош эканлиги ҳамда Сизнинг доимий яшаш манзилингиз Фарғона вилояти эканлигини инобатга олган ҳолда Сиз ўқишингизни Фарғона давлат университетининг Бошланғич таълим йўналишига кўчиришингиз мумкин.
Хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш бўйича имтиҳонларнинг ўтиш баллари тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан жорий йилнинг 25 июль кунига қадар ўзларининг расмий сайтларида эълон қилинади.
Номли давлат стипендиялари совриндори бўлган талабалар бакалавриатни битирган йили ўқиган таълим йўналишига мос ва турдош бўлган магистратура мутахассисликларига кириш имтиҳонларисиз давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади. Шунга кўра, исталган олий таълим муассасасининг Сиз тамомлаган бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош бўлган магистратура мутахассислигига имтиёз асосида ўқишга киришингиз мумкин.
Рейтинг баҳолаш тизими асосида таҳсил олаётган талаба семестр якунига кўра академик қарздор бўлса ва белгиланган муддатларда қарздорликни топшира олмаса курсдан-курсга қолдирилади. Ушбу ҳолатларда ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёз кўзда тутилмаган.
Иккинчи олий маълумот олиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга олий таълим муассасалари рўйхати Давлат комиссияси томонидан белгиланади. Бунда, кадрларга бўлган талаб-эҳтиёж, олий таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти ва моддий-техник базаси ҳисобга олинади. Ҳозирги кунда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан кадрларга бўлган талаб-эҳтиёж ўрганилмоқда. Жумладан, Бухоро давлат тиббиёт институтида иккинчи олий маълумот олиш учун қабул бўйича таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади.
Хорижий фуқароларнинг ўқишини хорижий олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикасидаги давлат олий таълим муассасаларига кўчириш суҳбат асосида амалга оширилади. Бунинг учун хорижий фуқаролар ўқишини кўчириш бўйича 15 июлдан 5 августга қадар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишлари лозим.
Бир олий таълим муассасаси доирасида ўқишни кўчириш учун белгиланган узрли сабаблар мавжуд эмас. Шунга кўра, бир олий таълим муассасаси доирасида ўқишни бир таълим йўналишидан бошқа таълим йўналишига кўчириш тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Сиз ўқишингизни кўчириш учун рўйхатдан ўтишингиз ва белгиланган миқдордаги тўловни амалга оширишингиз лозим.
Ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар ҳам 5 тагача бакалавриат таълим йўналишини танлаши мумкин. Фақатгина ушбу тавсиянома бўйича имтиёз биринчи танланган таълим йўналишига нисбатан татбиқ этилади. Агар талаба тест синови натижаларига кўра имтиёзи бўйича биринчи таълим йўналишига талабаликка тавсия этилмаганда, тўплаган бали билан танланган барча таълим йўналишларига умумий танловда иштирок этади.
Олий таълим муассасаларида ўз ҳисобидан тўлов-контракт бўйича таълим олган битирувчилар ўз ихтиёри билан тақсимот комиссиясида иштирок этиши ва унинг розилиги асосида комиссия қарори билан таклиф этилаётган иш жойларига ишга юборилиши мумкин. Бунда, битирувчиларнинг тақсимоти олий таълим муассасаси ректори томонидан тасдиқланган олий таълим муассасасининг тақсимот комиссияси томонидан ўтказилади.
Талаба фақатгина биринчи курснинг биринчи семестридаги фанлардан қарздорлиги бўлганда унинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди. Шунга кўра, кредит модул тизимида ўқиётган биринчи курс талабаси биринчи курснинг иккинчи семестридан қарздор бўлганда ҳам ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтиши мумкин.
Бир олий таълим муассасасидан (шу жумладан хориждан) бошқа олий таълим муассасасига ўқиши кўчирилиб, талабаликка қабул қилинган талабанинг ўқишини иккинчи марта кўчирилиши бўйича чеклов мавжуд эмас. Шунга кўра, Сиз ўқишингизни Жиззах политехника институтидан Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтишингиз мумкин.
2021/2022 ўқув йилига хотин-қизлар учун жами 2000 та алоҳида давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ҳудудлар кесимида ажратилди. Ушбу қабул кўрсаткичларига тегишли тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар орасидан энг юқори балл тўплаганлари қабул қилинади. Тавсияномага эга бўлган аммо ажратилган алоҳида давлат грантига тавсия этилмаган хотин-қизлар тест синовлари натижаларига кўра тўплаган баллари билан танлаган бештагача бакалавриат таълим йўналишларига умумий танловда иштирок этиши мумкин.
2021/2022 ўқув йилига ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлганлар учун олий таълим муассасалари ҳамда таълим шакллари (кундузги, сиртқи, кечки) кесимида алоҳида қабул кўрсаткичлари тасдиқланди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳарбий қисм тавсияномасига эга бўлган абитуриент сиртқи таълим шакли учун ажратилган қабул кўрсаткичига даъвогар бўлиши мумкин.
Иккинчи олий маълумот олиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқига эга таълим муассасалари рўйхати Давлат комиссияси томонидан белгиланади. Давлат тиббиёт институтларида иккинчи олий маълумот олиш бўйича кадрлар тайёрлаш тўғрисидаги таклифлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади. Амалдаги тартиб бўйича иккинчи олий маълумот олиш (иккинчи мутахассислик) учун ҳужжатлар 20 июлдан 20 августгача қабул қилинади. Иккинчи олий маълумот олмоқчи бўлган шахслар олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига таълим муассасаси ректори номига ариза ҳамда олий маълумот тўғрисида давлат намунасидаги дипломни (асл нусхаси) иловаси билан тақдим этишлари лозим.
Ўзбекистондаги нодавлат олий таълим муассасаларидан талабалар ўқишини кўчириш ҳам хориждан ўқишни кўчириш учун белгиланган тартибларга мувофиқ амалга оширилади. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш учун танланган бакалавриат таълим йўналишига кириш фанларидан имтиҳонлар ўтказилади. Хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш учун рўйхатдан ўтишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади: - рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома ёхуд транскрипт нусхаси (биттаси бўлса кифоя); - паспорт нусхаси.
Амалдаги тартибга кўра, барча таълим йўналишлари бўйича давлат грантлари асосида таҳсил олган олий таълим муассасалари бакалавр ва магистрлари мажбурий тартибда камида уч йил ишлаб бериш шарти билан таълим муассасаларига тақсимланади. Олий таълим муассасаларини давлат грантлари асосида бакалавриатни тамомлаган битирувчилар магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган тақдирда, камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти магистратурани якунлагандан сўнг амалга оширилади.