+998 (65) 221 29 14

+998 (65) 221 27 64

Yangiliklar

  1. Bosh sahifa  
  2. Yangiliklar  
  3. Таълимдаги ислоҳотлар келажагимиз равнақига хизма…

Таълимдаги ислоҳотлар келажагимиз равнақига хизмат қилади

03.03.2022

     Мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч бу – илм-фан, таълим ва тарбия эканлиги исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир.

      Чунки ҳозир замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жаҳоннинг етакчи давлатларида ҳам таълимни ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгиланмоқда. Зеро, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлари билан чамбарчас боғлиқдир.

      Янгиланаётган Ўзбекистоннинг олий таълим тизимида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар молиявий, академик ва ташкилий-бошқарувда мустақиллик берилиши, ёшларнинг олий таълим билан қамраб олинишини янада кенгайтириш, уларни билимли ва малакали қилиб тарбиялаш, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар тайёрлашга қаратилган.

      Шунингдек, олий таълим муассасалари бошқарув кенгашларининг ролини ошириш ва кафедралар ваколатларини кенгайтириш, ўқув жараёнини бозор талабларига мослаштириб, ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш ва талабанинг ўз устида ишлаши учун муҳит яратиш долзарб вазифа сифатида белгиланди. Уларни самарали бажариш учун олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув бўйича мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилиши масала ечимига қаратилган энг тўғри йўлдир. Негаки, бундан буён, ўқув режаси ва адабиётлар, фан дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ҳамда таълим шаклларини белгилашни олийгоҳ бошқарув кенгашининг ўзи ҳал қилади.

    Албатта, мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар эътиборга молик. Аммо шунга қарамай, таълим сифати борасида ўзгаришлар ҳали-ҳамон ўз натижасини кўрсатмаяпти. Таълим сифатини яхшилаш, ўқув ишларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этиш масаласи эътибордан четда қолиб кетмоқда.

       Муҳтарам юртбошимиз бугунги кундаги таълимдаги айрим камчиликларни танқидий таҳлил қилиб, уни бартараф этиш йўлларини кўрсатиб берди. Таълим тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш, маънавий-маърифий муҳитни замон талабига мослаш, ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, янги давр педагогларини тарбиялаш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш каби устувор вазифаларни белгилаб берди.

    Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда таълим сифати ва самарадорлиги кўрсаткичларини оширишда айнан Финляндия тажрибаси мисол қилиб кўрсатилиши ҳам бежизга эмас. Негаки, мамлакат ўқувчилари халқаро тадқиқотларда саводхонлик кўрсаткичлари бўйича энг юқори натижаларга эришганлиги билан ажралиб туради.

      Таълим инспекцияси тегишли вазирликлар билан ҳамкорликда ушбу мамлакат таълим тизимидаги илғор жиҳатларни ўрганиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, Финляндия миллий таълим агентлиги билан ҳамкорликда «Йўл харитаси» ишлаб чиқилган бўлиб, унда фин таълим тажрибасини ўрганиш ва мамлакатимизда самарали татбиқ қилишга қаратилган вазифалар ҳамда ҳамкорлик йўналишлари ўз аксини топган. Таълим инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий марказининг ташкил этилганлиги, “Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш халқаро PISA дастури” ва “Ўқувчиларнинг ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолаш халқаро PIRLS дастури”да иштирок этиш тўғрисида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ва Таълим ютуқларини баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA) билан шартномалар имзоланганлиги Ўзбекистоннинг ушбу нуфузли тадқиқотларда илк маротаба 2021-2022 ўқув йилларда иштирок этишига замин яратди. 

        Бухоро давлат университетида ҳам Финляндия тажрибасини ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида финляндиялик математик ўқитувчилар билан семинар тренинглар ўтказилиб келинмоқда. Финландия мактабларида математика фанининг ўқитилиши, эришилган ютуқларга элтувчи омиллар ва замонавий ахборот технологиялари ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш маҳорати ҳақида финляндиялик олимлар ўз тажрибаларини улашмоқдалар. Фин мактабларида ўғил-қизларнинг таълим олаётган билимларини реал ҳаётга яқинлаштириш, берилаётган билимларнинг амалий қисмини кучайтириш, ўқувчиларнинг мустақил ишлашлари, уйғунлаштирилган дарслар шакли, фанларнинг ўзаро алоқаси, услублар тўғрисида билиб олиши ҳақида, шунингдек, интеграция дарс шакллари ҳақида ҳам тажрибалар алмашиниб келинмоқда.

     Янги Ўзбекистонга илм-фанга эътибор юқори чўққига чиққани бежиз эмас.

Энг қувонарли янгиликлардан бири, куни кеча Президентимиз раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, оилавий зўравонликнинг олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари “Ҳар бир ишда камарбаста бўлган фозила аёлларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз” деб ўзбек аёлларига ишонч ва куч бердилар.

      Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шунинг баробарида видеоселекторда бир қанча рақамларга изоҳ берилди.

   2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 320 минг хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. 190 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилди. 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди.

     2 минг нафар қиз алоҳида грант асосида олий таълимга қабул қилинди. Натижада, ўтган йили олий ўқув юртларига кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

     Умуман, 2020 йилдан бошлаб, «Аёллар дафтари» тизими йўлга қўйилиб, унга киритилган 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилган.

     Ўзбекистонда Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси ташкил этилди.

Қизларнинг яхши таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши Президентимизни ҳамиша ўйлантирадиган масалалардан бири. Бу йиғилишда ҳам улар учун таълим шароитларини кенгайтириш бўйича тарихий қарорлар қабул қилинди. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Дастур доирасида:

Пойтахтимизда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шерикчилик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилади.

Янги ўқув йилидан бошлаб, таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади. Бунинг учун, жорий йилда банкларга 1 триллион 800 миллиард сўм, келгуси беш йилда 8 триллион сўм маблағ ажратилади.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Унга асосан:

– янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади (23 минг нафар қизларга 200 миллиард сўм);

– ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилади;

– ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади;

 – ёш фарзанди бор талаба-қизларнинг масофавий ўқишига шароит яратилади;

– докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Мономарказлар ва олийгоҳлар қошида Малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш, аёлларни талаб юқори бўлган ишчи касбларга ўқитиш бўйича кўрсатмалар берилди.

2022-2024 йиллар учун «Бизнес аёллар» дастури қабул қилиниши белгиланди. Унинг ижросига жами 8 триллион сўм йўналтирилади. Аёллар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилади, имтиёзли кредитлар берилади.

2022 йил 1 сентябрдан хусусий секторда расмий ишлаётган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан кафолатли тўлаб берадиган тизим яратилади. Ушбу тизим асосида уларга ҳам 4 ойга 2 миллион сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилади.

Шунингдек, айни пайтда аёлларимиз улуши паст бўлган аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги ОТМларда хотин-қиз талабалар улуши ҳозирги 24 фоиздан 40 фоизгача етказилади.

Бунинг учун ҳар йили хотин-қизларнинг талаба бўлишига квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун мақсадли ажратилади.

«Бу имконият ҳали бизнинг тарихимизда умуман бўлмаган», деб юртбошимиз хотин-қизларимизга юксак ишонч билдирдилар.

Олий таълим ислоҳотларининг маҳсули сифатида мамлакатимизда олий маълумот олмоқчи бўлган ҳар қандай фуқаро учун имкониятлар эшиги очилди. Аниқроқ айтганда, бугун замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмаслиги яна бир карра исботланди. Бундай яратилаётган имкониятли ислоҳотлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда, биз бундай талабларга жавоб бериш зарурлигини чуқур ҳис этишимиз даркор.

Хулоса ўрнида айтганда, олий таълим мамлакатнинг эртанги тараққиётини белгилаб берадиган, жамият ҳаётининг барча жабҳасини ислоҳ этишда ҳал қилувчи вазифани бажарадиган муҳим омилдир. Жамиятда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади. Таълим сифати ривожланса, ҳар бир соҳада ўзгариш, ривожланиш кузатилади.

Обиджон Хамидов, БухДУ ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор