Кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган ва худдики БухДУда магистратура имтиҳонлари жараёнларида кузатилган нохолислик ҳолати бўйича фикр билдиришни маъқул деб топдик. Университетда магистратура мутахассисликларига кириш имтиҳонларини шаффоф ва адолатли ўтказиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Назорат ишларига нафақат тажрибали мутахассислар, балки жамоатчилик вакиллари ҳам таклиф этилган. 2019 йилнинг 6 август куни мутахассислик фанлари бўйича магистратурага кириш имтиҳонлари ўтказилди.
Имтиҳон жараёнида назорат камералари мунтазам равишда ишлаб турди. Бундан ташқари, масъуллар томонидан мақолада келтирилган сурат ўрганиб чиқилиб, ҳақиқатан ҳам ушбу билетда орфографик хатолар борлиги аниқланиб, саволларни тузган муаллифга нисбатан тегишли чоралар қўлланиши белгиланди. Шунингдек, масъуллар томонидан тегишли тартибда мутахассислик имтихони учун топширилган ишлар кўриб чиқилди. Ўз баҳоларидан норози бўлган абитуриентлар учун апелляция комиссияси ташкил этилди хамда 40 дан ортиқ апелляция ишлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилди.
БухДУ раҳбарияти имтиҳонларни шаффоф ва адолатли ўтказиш учун туну-кун ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамасдан, айрим университет ходимлари томонидан номақбулликга йўл қўйилганлиги ҳақида асосли фактлар мавжуд бўладиган бўлса, бундай хабарларнинг муаллифларидан университет раҳбарияти билан ҳамкорлик қилишини ҳамда тегишли чоралар кўрилишини таъминлашда ёрдамчи бўлишларини сўраб қоламиз. Университет рахбарияти барча эътироз ва таклифларни мурожаатчилар билан юзма – юз кўришиб, ўрнатилган тартибда тезкорлик билан хал этилишини кафолатлайди.
Бухоро давлат университети матбуот хизмати