Welcome to Buxoro davlat universiteti rasmiy web sayti   Click to listen highlighted text! Welcome to Buxoro davlat universiteti rasmiy web sayti Powered By GSpeech

Mалакавий имтихонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 30-сон, 346-модда) ҳамда “Фан доктори илмий даражасини бериш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ фан доктори илмий даражасига талабгорлар топшириши керак бўлган малакавий имтиҳонлар мазмунини ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.

 

 

1. Малакавий имтиҳонлар илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказишнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Фан доктори илмий даражасига талабгор тегишли малакавий имтиҳонларни топшириши керак.

 

2. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун малакавий имтиҳонлар «Ўзбекистоннинг энг янги тарихи», «Чет тили»  ҳамда диссертация мавзусига мувофиқ ихтисослик фанидан, шунингдек, фан сохалирига кўра ушбу Низомнинг 4-7 бандларида белгиланган фанлардан ўтказилади. Ушбу имтиҳонлар етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси  Олий аттестация комиссияси (бундан кейин – ЎзР ОАК) томонидан тасдиқланган дастурлар асосида топширилади.

Аниқ ва табиий фанлар соҳаларидаги талабгорлар учун «Ўзбекистоннинг энг янги тарихи» фани бўйича малакавий имтиҳон дастурига «Мустақиллик мафкураси ва демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асослари» фани бўйича ҳам саволлар блоки киритилади.

Чет тилини эгаллаганлик даражаси тўғрисидаги сертификатга (билим даражаси IELTSнинг 5,0 баллидан, TOEFLнинг 67 баллидан кам бўлмаган ёки уларга тенглаштирилган бошқа тизимлар балларига мос келиши керак) эга бўлган фан доктори илмий даражасига талабгорлар чет тили бўйича имтиҳон топширишдан озод этилади. 

 

3. Чет эл фуқаролари учун малакавий имтиҳонлар диссертация мавзусига мувофиқ ихтисослик фанидан ўтказилади.

 

4. Ижтимоий-гуманитар ва иқтисодиёт фанлари соҳаларидаги илмий даражага талабгорлар “Мустақиллик мафкураси ва демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асослари” бўйича махсус имтиҳонни ҳам топширишлари керак.

Ушбу махсус имтиҳон ЎзР ОАК томонидан тасдиқланган алоҳида тартиб асосида ўтказилади.

 

5. Аниқ  ва табиий фанлар хамда  тиббиёт, иқтисодиёт ва педагогика фанлари соҳаларидаги илмий даражага талабгорлар «Математик моделлаштириш ва математик статистика асослари» фани бўйича малакавий имтиҳонни ҳам топширишлари керак.

 

6. Иқтисод фанлари доктори илмий даражасини олиш учун талабгорлар, шунингдек, иқтисодиёт назарияси бўйича малакавий имтиҳон топширадилар.

Педагогика фанлари доктори илмий даражасини олиш учун талабгорлар  «Умумий педагогика, педагогика ва таълим тарихи» фанидан ҳам малакавий имтиҳон топширадилар.

 

7. Чет тили сифатида инглиз, француз ёки немис тилидан имтиҳон топширилиши мумкин. Диссертация ишини бажариш учун бошқа чет тилини билиш талаб қилинадиган ҳолларда ЎзР ОАК билан келишилган ҳолда малакавий имтиҳон ана шу тилдан топширилиши мумкин.

Чет тили сохалари бўйича филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун талабгорлар  иккинчи чет тили фанидан  малакавий имтиҳон топширадилар.

 

8. Фан доктори илмий даражасига талабгорнинг олий маълумоти ёки номзодлик диссертацияси соҳаси диссертация тайёрланган фан тармоғи йўналишига мувофиқ бўлмаса, ушбу фан тармоғига татбиқан умумилмий фан бўйича, яъни ушбу фан тармоғининг асосий мазмуни ҳамда умумметодологик ва назарий муаммоларини етарлича кенг қамраб оладиган фан бўйича қўшимча малакавий имтиҳон (ёки имтиҳонлар) топширилади. Топширилиши керак бўлган имтиҳонларни ЎзР ОАК белгилайди.

 

9. Талабгорнинг олий маълумоти соҳаси диссертация ёқланаётган фан соҳасидан тубдан фарқ қилган ҳолларда ихтисослик бўйича топширилиши керак бўлган малакавий имтиҳонларни ЎзР ОАК белгилайди.

Қўшимча умумилмий фанлар бўйича имтиҳонлар муайян фан тармоғида ихтисослашган етакчи олий таълим муассасаси учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасдиқлаган дастурлар асосида топширилади.

 

10. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқи тегишли фан соҳалари бўйича илмий-ташкилий тузилмалари (кафедра, бўлим, лаборатория) мавжуд бўлган ҳамда етарли илмий ва илмий-педагогик салоҳиятга, шунингдек тегишли моддий-техник базага эга бўлган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига ЎзР ОАК томонидан берилади.

Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари имтиҳон қабул қилиш ҳуқуқи бўлмаган бошқа ташкилотлардан келган талабгорлардан ҳам мазкур имтиҳонларни олишлари шарт.

 

11. Ихтисослик фани бўйича малакавий имтиҳонлар диссертация ҳимояси мўлжалланган кенгашлар фаолият кўрсатиб турган ташкилотлар ҳузуридаги малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссиялари томонидан қабул қилинади.

Ихтисослик фани бўйича имтиҳон талабгорнинг назарий ва касбий тайёргарлиги даражасини, унинг ушбу фаннинг шаклланиши ва ривожланиши тарихини, умумий концепциялари ва методология масалаларини, манбаларини, шу билимлар тармоғининг асосий назарий ва амалий муаммоларини, мавжуд материални нечоғлик билишини аниқлаб бериши, унинг илмий адабиётни, шу жумладан, чет эл даврий нашрларини ҳамда илмий тадқиқотларнинг замонавий усулларини қанчалик эгаллаганлигини кўрсатиб бериши лозим.

 

12. Ихтисослик фани бўйича имтиҳон икки қисмдан: ЎзР ОАК тасдиқлаган намунавий дастур-минимумдан ҳамда тегишли кафедра (бўлим, лаборатория) ишлаб чиққан ва имтиҳон олинаётган олий таълим (факультет), илмий-тадқиқот муассасасининг илмий кенгаши тасдиқлаган қўшимча дастур асосида топширилади.

Қўшимча дастур мазкур фан тармоғининг янги бўлимларини ҳамда талабгор тадқиқотларининг йўналиши билан боғлиқ бўлган қисмларни ўз ичига олиши, шунингдек, ушбу фан тармоғидаги ютуқларни ва энг янги адабиётни ҳисобга олиши ло­зим. Ихтисослик фанидан имтиҳон дастурининг мазкур қисмида талабгор тегишли фан тармоғи ривожининг ҳозирги аҳволи, муаммолари ва истиқболларини, ўтказаётган тадқиқотларининг ўрни, янгилиги ва аҳамиятини кўрсатиши керак.

 

13. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссиялари ҳар бир фан бўйича олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасасининг раҳбари томонидан ЎзР ОАК билан келишилган ҳолда бир йил муддатга тузилади. Комиссия илмий даражага эга бўлган малакали илмий ва илмий-педагог ходимлардан иборат бўлган беш - етти нафар аъзодан, шу жумладан шу фан соҳаси бўйича фан доктори илмий даражасига эга бўлган раисдан иборат бўлади. Комиссия раисидан ташқари комиссия аъзоларидан камида икки нафари фан доктори бўлиши лозим.

 

14. Чет тили бўйича малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссияси чет тиллар кафедраларининг ўқитувчиларидан (шундан камида икки нафари илмий даражага эга бўлиши керак) иборат бўлган беш - етти нафар аъзодан, шу жумладан талабгорнинг ихтисослиги бўйича фан доктори илмий даражасига эга бўлган ва тегишли чет тилида эркин гаплаша оладиган мутахассисдан иборат таркибда ЎзР ОАК билан келишилган ҳолда бир йил муд­датга тузилади.

 

15. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссиялари, унинг аъзоларининг камида тўрт нафари, шу жумладан фан доктори иштирок этаётган бўлса, имтиҳон олишга ҳақли.

 

16. Талабгорлар рўйхати буйруқ билан расмийлаштирилиб, жамоатчиликка эълон қилинади. Буйруқда малакавий имтиҳонни ўтказиш жойи ва вақти аниқ кўрсатилиши керак.

 

17. Малакавий имтиҳонлар сессиялар шаклида йилига уч марта: февраль, май ва ноябрь ойларида белгиланган режа асосида қабул қилинади.

Бир сессия давомида талабгорга кўпи билан иккита малакавий имтиҳонни топширишга рухсат берилади.

Малакавий имтиҳонларни экстерн тарзида сессия пайтида топшириш масаласи малакавий имтиҳонни қабул қилувчи муассаса томонидан ҳал этилади.

 

18. Имтиҳон қабул қиладиган муассаса малакавий имтиҳон қабул қилинишидан беш кун олдин талабгорлар рўйхатини, имтиҳон қабул қилиш вақти, жойи ва комиссиянинг таркибига доир маълумотларни кузатув хати билан бирга ЎзР ОАКга юбориши зарур.

ЎзР ОАКни хабардор қилмасдан малакавий имтиҳонларни олиш ман этилади.

 

19. Малакавий имтиҳонларда имтиҳон ўтказилаётган муассасанинг тегишли кенгаши аъзолари, муассаса директори (ректор, бошлиқ), директор ўринбосари (проректор, бошлиқ ўринбосари), муассаса бўйсунувчи вазирлик ёки идоранинг вакиллари қатнашиши мумкин.

 

20. ЎзР ОАК малакавий имтиҳонларда қатнашиш ва уни назорат қилиш учун ўз вакилларини юбориши мумкин. Малакавий имтиҳонлар нохолис ўтказилган тақдирда ЎзР ОАК имтиҳон натижаларини бекор қилади.

 

21. Малакавий имтиҳонлар билет бўйича ёзма ва оғзаки шаклларида  ўтказилиши мумкин. Талабгор жавоб тайёрлаш учун имтиҳон варақаларидан фойдаланади. Имтиҳон варақалари имтиҳондан кейин бир йил давомида сақлаб турилади.

Талабгор билет бўйича саволларга имтиҳон комиссияси аъзолари олдида жавоб беради. Имтиҳон комиссияси аъзолари талабгорга имтиҳон қабул қилинаётган фан бўйича қўшимча саволлар беришга ҳақлидирлар. Имтиҳон натижалари бўйича комиссия аъзоларининг ҳар бири ўз бахосини комиссия раисига маълум қилади. Комиссия раиси умумий баҳони ўрта арифметик равишда чиқаради.

 

22. Талабгорнинг билим даражаси 100 баллик тизимда бутун сонлар билан баҳоланади. Бунда баҳолаш  "аъло" (86 – 100), "яхши" (71 – 85), "қониқарли" (55 – 70) ва "қониқарсиз" (0 – 54) кўринишида бўлади.

Ихтисослик фани бўйича малакавий имтиҳон топшираётганда талабгор дастур-минимум доирасида мустаҳкам, чуқур билимларини намойиш этган тақдирдагина ижобий баҳо қўйилади.

 

23. Ҳар бир талабгор учун малакавий имтиҳон баённомаси тўлдирилиб, унда талабгорга берилган имтиҳон саволлари ёзилади.

Малакавий имтиҳон баённомасини имтиҳонда қатнашган комиссия аъзолари имзолайди, уларнинг илмий даражаси, илмий унвони ҳамда Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисосликлари рўйхатига мувофиқ ихтисослиги кўрсатилади.

Малакавий имтиҳон баённомаси муассаса раҳбари томонидан тасдиқланганидан кейин малакавий имтиҳонлар топширилган жойда сақланади.

 

24. Ҳар бир малакавий имтиҳон топширилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади.

Малакавий имтиҳон топширилганлиги ҳақидаги гувоҳнома беш йил давомида ўз кучини йўқотмайди. Талабгорнинг диссертацияси ҳимояси малакавий имтиҳонлар топширилганлиги ҳақидаги гувохноманинг хақиқийлик муддатида ўтказилиши лозим.

 

25. Агар талабгор узрли сабаб билан имтиҳонга келмаса, муассаса раҳбари рухсати билан ўрнатилган тартибда ЎзР ОАКни хабардор қилиб, жорий сессия давомида имтиҳон топширишга қўйилиши мумкин.

Бир сессия давомида малакавий имтиҳонни такроран топширишга йўл қўйилмайди.

Талабгор малакавий имтиҳонни қабул қилиш комиссиясининг қарори устидан жорий сессия давомида муассаса раҳбарига шикоят ёзиш ҳуқуқига эга. Муассаса раҳбарининг қарори узил-кесил ҳисобланади.

 

26. Олий таълим муассасалари ректорларига, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарларига ҳамда уларнинг ўринбосарларига (проректорларига) ўз асосий иш жойларида малакавий имтиҳонларни топширишларига рухсат берилмайди.

 

27. Малакавий имтиҳонлар олдига қўйилган талабларга риоя қилиниши учун имтиҳон ўтказаётган муассаса раҳбари ва имтиҳон комиссияси раиси маъсулдирлар.

 

28. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссиясининг ишини ЎзР ОАК ҳамда имтиҳон ўтказаётган муассасанинг раҳбарияти назорат қилиб боради.

 

29. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган муассасалар имтиҳонларнинг натижалари тўғрисида йилига бир марта декабрь ойида ЎзР ОАКга маълумот беришлари шарт.

 

Top
BuxDU ATM tomonidan ishlab chiqildi.
Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech