Welcome to Buxoro davlat universiteti rasmiy web sayti   Click to listen highlighted text! Welcome to Buxoro davlat universiteti rasmiy web sayti Powered By GSpeech
  • E`lonlar
  • Eng ko`p o`qilgan

Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисида низом

I.     Умумий қоидалар

II.    Илмий унвонлар бериш талаблари

        § 2.1. Умумий талаблар

        § 2.2. Олий таълим муассасаси мутахассисларига доцент илмий унвонини

                  бериш талаблари

 

        § 2.3. Илмий-тадқиқот муассасаси мутахассисларига катта илмий ходим

                  илмий унвонини бериш талаблари

        § 2.4. Олий таълим муассасаси мутахассисларига профессор илмий

                  унвонини бериш талаблари

        § 2.5. Илмий-тадқиқот муассасаси мутахассисларига профессор илмий

                  унвонини бериш талаблари

        § 2.6. Ўриндошлик асосида ишлаётган мутахассисларга илмий

                  унвонларни  бериш талаблари

III.    Илмий унвонга тақдим этиш тартиби

IV.    Аттестация ишини ЎзР ОАКда кўриб чиқиш

V.     Аттестатларни расмийлаштириш ва бериш

VI.    Илмий унвондан маҳрум этиш (илмий унвонда тиклаш)

VII.  Апелляцияни кўриб чиқиш

VIII. Илмий унвонга қайта тақдим этиш тартиби

IX.    Якуний қоидалар

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси «Таълим тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда) ва «Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тўғрисида»ги Қонунларига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 20 майдаги ПҚ-1533-сон «Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини  тубдан  яхшилаш  чора-тадбирлари  тўғрисида»ги  қарорига  ҳамда  2012  йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 30-сон, 346-модда), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 9 сентябрдаги 421-сон қарорига  (Ўзбекистон  Республикаси  Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1992 й., 9-сон, 28-модда) мувофиқ профессор, доцент ва катта илмий ходим  илмий унвонларини бериш тартиб ва талабларини белгилайди.

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1. Мазкур илмий  унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги  Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

аттестация - илмий унвонлар талабгорлари малакасини тааллуқли ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар талаблари асосида тизимли равишда аниқлашнинг комплекс ҳуқуқий-норматив ва илмий-ташкилий жараёни;

илмий унвон - тегишли ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар талабларини бажарган мутахассисларга бериладиган расмий мақом;

илмий унвон талабгори – илмий ва педагогик фаолият олиб бораётган ҳамда илмий унвон олишга даъвогар мутахассис;

аттестация иши – илмий унвон талабгорининг тегишли ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар ва меъёрий-техник талаблар асосида расмийлаштирилган ва жамланган ҳужжатлар тўплами;

илмий иш стажи – меҳнат шартномаси (контракт) асосида мутахассиснинг илмий ходим лавозимларида ишлаган муддати ҳамда катта илмий ходим-изланувчи институтида ўқиган муддати;

педагоглик иш стажи – меҳнат шартномаси (контракт) асосида мутахассиснинг олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида педагог лавозимларида ишлаган муддати;

ўқув адабиёти - муайян таълим тури (йўналиши ёки мутахассислиги) ўқув режасида қайд этилган фанлар бўйича тегишли ўқув дастурлари асосида зарур билимлар мажмуаси келтирилган, ўзлаштириш услублари ва дидактикаси ёритилган (шу жумладан, хорижий таржималари) манба;

профессор - 1) тегишли ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда қўйилган малакавий ва аттестация талабларини бажарган, белгиланган тартибда профессор илмий унвонига эга бўлган мутахассис; 2) илмий унвон номи;

доцент - 1) тегишли ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда қўйилган малакавий ва аттестация талабларини бажарган, белгиланган тартибда доцент илмий унвонига эга бўлган мутахассис; 2) илмий унвон номи;

катта илмий ходим - 1) тегишли ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда қўйилган малакавий ва аттестация талабларини бажарган, белгиланган тартибда катта илмий ходим илмий унвонига эга бўлган мутахассис; 2) илмий унвон номи;

профессор, доцент ёки катта илмий ходим аттестати - белгиланган тартибда давлатнинг ваколатли органи қарори билан профессор, доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонига эга бўлганларга бериладиган давлат томонидан тасдиқланган намунадаги ҳужжат;

апелляция - илмий унвонлар бериш (рад жавоби бериш) ёки илмий унвондан маҳрум этиш бўйича илмий (илмий-техникавий) кенгаш ёки ЎзР ОАК Раёсати қарори юзасидан шикоят аризаси.

 

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (кейинги ўринларда - ЎзР ОАК деб юритилади) тегишли илмий унвонларни бериш талаблари ва тартибини  ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва уларнинг ягоналигини таъминлайди.

 

3. Талабгорларга доцент ва профессор илмий унвонлари кафедра ёки ихтисослик бўйича, шунингдек катта илмий ходим илмий унвони  ихтисослик бўйича берилади.

Кафедра бўйича доцент ва профессор илмий унвонлари олий таълим ёки кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида педагогик фаолият олиб бораётган, чуқур касбий билимга ҳамда илмий ва педагоглик соҳасида маълум ютуқларга эришган юксак маънавиятли илмий-педагог мутахассисларга берилади.

Ихтисослик бўйича профессор, доцент ва катта илмий ходим илмий унвонлари илмий-тадқиқот ёки олий таълим муассасаларида илмий фаолият олиб бораётган, фаннинг муайян соҳасида чуқур касбий билимга ҳамда илмий ва педагоглик соҳасида маълум ютуқларга эришган юксак маънавиятли илмий-педагог мутахассисларга берилади.

Катта илмий ходим илмий унвони мақомига кўра ихтисослик бўйича доцент илмий унвонига тенглаштирилади.

 

4. Профессор, доцент ва катта илмий ходим илмий унвонлари тегишли илмий даражага ёки тегишли ҳолларда магистр даражасига ёки бакалавр ва магистр даражалари жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга ёхуд олий  харбий таълим дипломига  эга бўлган ҳамда тегишли ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар талабларини бажарган шахсларга қайси идорага бўйсунишидан қатъий назар, олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасалари илмий (илмий-техникавий) кенгашлари (кейинги ўринларда – илмий кенгаш деб юритилади)нинг тақдимномаси асосида ЎзР ОАК Раёсати қарори билан берилади.

Тақдимнома илмий унвон талабгорининг асосий иш жойидан тақдим этилади.

 

5.  Ёпиқ мавзуларда иш олиб бораётган шахсларга илмий унвонлар беришнинг ўзига хос тартиби ЎзР ОАКнинг махсус Низомида белгиланади.

 

6. Профессор, доцент ва катта илмий ходим  илмий унвонлари берилган мутахассисларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги аттестатлар расмийлаштирилади ва берилади.

 

II. ИЛМИЙ УНВОНЛАР БЕРИШ  ТАЛАБЛАРИ

 

§ 2.1. Умумий талаблар

 

7. Ижтимоий-гуманитар ва иқтисодиёт фанлари соҳаларидаги илмий унвонларга талабгорлар «Мустақиллик мафкураси ва демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асослари» фани бўйича махсус имтиҳонни топширишлари керак.

 

8. Илмий унвон талабгорининг олиб бораётган маъруза курслари, илмий ва ўқув-услубий ишлари унвон сўралаётган кафедра ёки ихтисослик йўналишига мос келиши керак.

Талабгор нашр эттирган дарслик, ўқув қўлланмалар олий таълим муассасасининг илмий-услубий кенгаши ва тегишли вазирлик ёки идоралар томонидан ва бошқа ўқув адабиётлари олий таълим муассасасининг илмий-услубий кенгаши томонидан педагогик амалиётда фойдаланиш учун тавсия этилган бўлиши керак.

Профессор илмий унвонига талабгорнинг доцент илмий унвонига эга бўлганидан сўнг нашр этилган илмий ва ўқув-услубий ишлари бўлиши керак.

 

9. Хорижий давлатлар аттестация органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда  Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган илмий унвонлар аттестатлари нострификация қилинмайди.

Хорижий давлатларда илмий унвон олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда  Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Низом талаблари асосида ўрнатилган тартибда илмий унвон олишлари мумкин.

 

§ 2.2. Олий таълим муассасаси мутахассисларига

доцент илмий унвонини бериш талаблари

 

10. Доцент илмий унвони қуйидаги талабларни бажарган олий таълим ёки кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш муассасаси (кейинги ўринларда – ОТМ деб юритилади) мутахассисларига берилади:

а) фан доктори  (фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар) илмий даражасига эга бўлган;

б) камида 5 (беш) йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда уч йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган;

в) камида бир ўқув йили давомида ОТМ асосий штатида кафедра мудири, профессор, доцент лавозимларида ёки олий харбий таълим муассасаларида катта ўқитувчи, кафедра бошлиғи ўринбосари, бошлиғи лавозимларида муваффақиятли ишлаб келаётган;

ёки камида бир ўқув йили давомида камида 0,25 ставка ўқув юкламасини бажариб педагогик фаолият олиб бораётган муассаса ректори (директори, бошлиғи), проректори (директор ўринбосари, бошлиқ ўринбосари), илмий котиби ёки ОТМнинг ўқув-ташкилий тузилмаси (факультет, бўлим) раҳбари лавозимларида муваффақиятли ишлаб келаётган;

г) педагогик амалиётда фойдаланилаётган, шу жумладан, диссертация ҳимоясидан кейин ОТМ ўқув дастурларига мос келадиган ўқув-услубий қўлланма ва бошқа ўқув адабиётларини нашр эттирган;

д) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан, илмий нашрларда камида учта илмий мақола чоп эттирган;

е) ўқитишнинг замонавий усулларини эгаллаган, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан, мультимедия таълим ресурсларидан фойдаланган ҳолда юқори илмий ва ўқув-услубий савияда маъруза курсларини ўқиётган, семинар машғулотларини олиб бораётган;

ж) камида 2 (икки) нафар магистр ёки 4 (тўрт) нафар бакалаврга илмий раҳбарлик қилган (ихтисослик кафедраларида ишлаётган талабгорлар учун) ёки давлат (номдор) стипендиати ёҳуд халқаро, республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибини тайёрлаган ёҳуд таълим-тарбия жараёнига салмоқли ҳисса қўшган;

з) давлат грантлари ёки бошқа илмий лойиҳалар ёҳуд хўжалик шартномалари асосидаги илмий-тадқиқот лойиҳалари доирасида  илмий изланишлар олиб бораётган;

и) маънавий-маърифий тадбирларда (“Маънавият” кунларини ўтказиш, долзарб мавзулар бўйича талабалар билан суҳбатлар ўтказиш, шу жумладан, «ZiyoNet» ахборот-ресурс портали материалларидан фойдаланилган ҳолда ва б.) ва талабалар билан ўқув-тарбиявий ишларда иштирок этаётган;

к) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар давлат аттестацияси жараёнида иштирок этаётган (тақризчи, илмий семинар ёки фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш аъзоси, расмий оппонент ва бошқалар сифатида).

 

11. Доцент илмий унвони мазкур Низомнинг 10-бандининг  “в”, “е” – “и” кичик бандлари талаблари бажарилиб, қуйидаги тегишли талабларни ҳисобга олган ҳолда илмий даражасиз шахсларга истисно тариқасида берилиши мумкин:

а) тегишли олий маълумотга, камида 10 йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда 5 йиллик педагоглик иш стажига, илмий-тадқиқот ишларига эга бўлган, таълим турларининг бирида (умумий ўрта таълим; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими; олий таълим; олий ўқув юртидан кейинги таълим) педагогик амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиётлари бўлган, жумладан, дарсликнинг ёки камида 2 (икки)та ўқув қўлланмаларининг якка муаллифлари бўлган юқори малакали мутахассисларга;

б) ёки тегишли олий маълумотга, камида 5 (беш) йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда уч йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган, педагогик ёки ижодий амалиётда фойдаланилаётган илмий-тадқиқот, ижодий ишлари ва ўқув адабиётлари бўлган, жумладан, ўқув қўлланма якка муаллифи бўлган ҳамда ўз соҳасида минтақа (ҳалқаро) ёки республика танловлари ёки мусобақаларининг ғолибларини ёки жамоа  (жамоалари)ни тайёрлаган Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси халқ артистлари, халқ ҳофизлари, халқ рассомлари, халқ меъморлари, халқ ўқитувчилари, халқ ёзувчилари, халқ шоирлари, Ўзбекистон Республикаси фан арбоблари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоблари, хизмат кўрсатган артистлари, рассомлари, меъморлари, тренерлари, ёшлар мураббийлари ва маданият ходимларига;

в) ёки маданият ва санъат институтлари ихтисослашган (ижодий, ижрочилик) кафедраларида камида икки йил давомида муваффақиятли ишлаётган, тегишли олий маълумотга, камида 10 (ўн) йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда беш йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган, илмий-тадқиқот, ижодий ишлари ва ўқув адабиётлари бўлган, жумладан, ўқув қўлланма якка муаллифи бўлган, шунингдек, ўз соҳасида минтақа (ҳалқаро) ёки республика танловлари ғолибларини тайёрлаган юқори малакали мутахассисларга (маданият, санъат назарияси ва тарихи бўйича мутахассисларидан ташқари);

г)  ёки ОТМнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари бўйича ихтисослашган кафедраларида камида икки йил давомида муваффақиятли ишлаётган, тегишли олий маълумотга, камида 10 (ўн) йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда беш йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган, илмий-тадқиқот ишлари ва ўқув адабиётлари бўлган, жумладан, ўқув қўлланма якка муаллифи бўлган, шунингдек, ўз соҳасида минтақа (ҳалқаро) ёки республика мусобақаларининг ғолиби (ғолиблари)ни ёки жамоа (жамоалари)ни тайёрлаган юқори малакали мутахассисларга.

 

§ 2.3. Илмий-тадқиқот муассасаси мутахассисларига катта илмий ходим

илмий унвонини бериш талаблари

 

12. Катта илмий ходим   илмий унвони қуйидаги талабларни бажарган илмий-тадқиқот муассасаси ёки унга тенглаштирилган муассаса ёҳуд ОТМнинг илмий-тадқиқот тузилмаси (кейинги ўринларда – ИТМ деб юритилади) мутахассисларига берилади:

а) фан доктори (фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалар) илмий даражасига эга бўлган;

б) камида 5 (беш) йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ИТМда уч йиллик илмий иш стажига эга бўлган;

в) камида бир йил давомида грант раҳбари ёки илмий-ташкилий тузилма бошлиғи ёҳуд бош (етакчи, катта) илмий ходим лавозимларида муваффақиятли ишлаб келаётган;

ёки камида бир йил давомида ИТМ раҳбари ва унинг ўринбосари, илмий котиби лавозимларида муваффақиятли ишлаб келаётган ва илмий фаолият олиб бораётган;

г) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан, илмий журналларда камида учта илмий мақола, жумладан, нуфузли хорижий ёки халқаро илмий журналда битта илмий мақола чоп эттирган;

д) давлат грантлари ёки бошқа илмий лойиҳалар ёҳуд хўжалик шартномалари асосидаги илмий-тадқиқот лойиҳалари доирасида асосланган ва натижали илмий изланишлар олиб бораётган;

е) маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этаётган;

ж) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар давлат аттестацияси жараёнида иштирок этаётган (тақризчи, илмий семинар ёки фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш аъзоси, расмий оппонент ва бошқалар сифатида).

 

§ 2.4. Олий таълим муассасаси мутахассисларига

профессор илмий унвонини бериш талаблари

 

13. Профессор илмий унвони қуйидаги талабларни бажарган ОТМ мутахассисларига берилади:

а)  фан доктори илмий даражасига эга бўлган;

б) доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонига эга бўлган;

в) камида 10 (ўн) йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда беш йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган;

г) камида бир ўқув йили давомида ОТМ асосий штатида кафедра мудири, профессор лавозимларида ёки олий харбий таълим муассасаларида кафедра бошлиғи ўринбосари, бошлиғи лавозимларида муваффақиятли ишлаб келаётган;

ёки камида бир ўқув йили давомида камида 0,25 ставка ўқув юкламасини бажариб педагогик фаолият олиб бораётган муассаса ректори (директори, бошлиғи), проректори (директор ўринбосари, бошлиқ ўринбосари), илмий котиби ёки ОТМнинг ўқув-ташкилий тузилмаси (факультет, бўлим) раҳбари лавозимларида муваффақиятли ишлаб келаётган;

д) илмий даража олган олий малакали мутахассис тайёрлаган;

е) педагогик амалиётда  фойдаланилаётган, шу жумладан, диссертация ҳимоясидан кейин ОТМ ўқув дастурларига мос келадиган дарслик ёки ўқув қўлланмалари ва бошқа ўқув адабиётларини нашр эттирган;

ж) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан, илмий журналларда камида бешта  илмий мақола, жумладан, нуфузли хорижий ёки халқаро илмий журналларда  иккита  илмий мақола чоп эттирган;

з) ўқитишнинг замонавий усулларини эгаллаган,  замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан, мультимедия таълим ресурсларидан фойдаланган ҳолда юқори илмий ва ўқув-услубий савияда маъруза курсларини ўқиётган;

и) давлат грантлари ёки бошқа илмий лойиҳалар ёҳуд хўжалик шартномалари асосидаги илмий-тадқиқот лойиҳалари доирасида асосланган ва натижали илмий изланишлар олиб бораётган;

к) маънавий-маърифий тадбирларда (“Маънавият” кунларини ўтказиш, долзарб мавзулар бўйича талабалар билан суҳбатлар ўтказиш, шу жумладан, «ZiyoNet» ахборот-ресурс портали материалларидан фойдаланилган ҳолда ва б.) ва талабалар билан ўқув-тарбиявий ишларда иштирок этаётган;

л) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар давлат аттестацияси жараёнида иштирок этаётган (тақризчи, илмий семинар ёки фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш аъзоси, расмий оппонент ва бошқалар сифатида).

 

14. Профессор илмий унвони мазкур Низомнинг 13-бандининг “б”, “г”, “ж” – “л” кичик бандлари талаблари бажарилиб, қуйидаги тегишли талабларни ҳисобга олган ҳолда истисно тариқасида фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган мутахассисларга берилиши мумкин:

а) ОТМда ўн беш йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган, таълим турларининг бирида амалиётда фойдаланилаётган  якка  муаллифликда чоп этилган дарслик ва камида 2 (икки)та ўқув қўлланмаси  бўлган, касбий ва педагогик фаолиятида салмоқли ютуқларга эришган,  шунингдек, илмий  даражада тасдиқланган  бир  нафар  мутахассис  ва  камида  2 (икки) нафар магистр ёки 4 (тўрт) нафар бакалаврга илмий раҳбарлик қилган (ихтисослик кафедраларида ишлаётган талабгорлар учун) ёки давлат (номдор) стипендиати ёҳуд халқаро, республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибини тайёрлаган ёҳуд таълим-тарбия жараёнига салмоқли ҳисса қўшган юқори малакали мутахассисларга;

б) ёки маданият, санъат, меъморчилик йўналишлари бўйича ихтисослашган (ижодий, ижрочилик) кафедраларда фаолият кўрсатаётган, тегишли олий маълумотга, кафедра соҳаси бўйича фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга, камида ўн беш йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда ўн йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган, диссертация ҳимоясидан кейин олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим амалиётида фойдаланилаётган ўқув адабиётлари, жумладан, ОТМ ўқув дастурларига мос келадиган  якка муаллифликда нашр эттирган дарслик ёки ўқув қўлланмалари ҳамда илмий-тадқиқот ва ижодий ишлари бўлган; касбий ва педагогик фаолиятида салмоқли ютуқларга эришган ва ўз соҳасида ҳалқаро, минтақа ёки республика танловлари ғолибларини тайёрлаган юқори малакали мутахассисларга.

Маданият, санъат соҳасидаги ихтисослашган (ижодий, ижрочилик) кафедра мудири ёки профессори кафедра соҳаси мутахассисликлари бўйича ижодий ходимларни, ижрочилик мутахассисларини бевосита ўз рахбарлигида тайёрлаган бўлиши шарт. Маданият, санъат назарияси ва тарихи бўйича мутахассислар фан доктори илмий даражасига эга бўлишлари шарт;

в) ёки жисмоний тарбия ва спорт ҳамда муҳандислик графикаси (чизма геометрия) йўналишлари бўйича ихтисослашган кафедраларда фаолият кўрсатаётган, тегишли олий маълумотга, кафедра соҳаси бўйича фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга, камида ўн беш йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда ўн йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган, диссертация ҳимоясидан кейин таълим турларининг бирида амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиётлари, жумладан, якка муаллифликда чоп этган дарслик ёки ўқув қўлланмалари ҳамда илмий-тадқиқот ишлари бўлган; касбий ва педагогик фаолиятида салмоқли ютуқларга эришган ва ўз соҳасида ҳалқаро, минтақа ёки республика мусобақаларининг ғолибларини ёки жамоа (жамоаларини) тайёрлаган юқори малакали мутахассисларга.

 

15. Профессор илмий унвони мазкур Низомнинг 13-бандининг “б”, “г”, “з” – “к” кичик бандлари талаблари бажарилиб, қуйидаги тегишли талабларни ҳисобга олган ҳолда истисно тариқасида илмий даражасиз мутахассисларга берилиши мумкин:

а) тегишли олий маълумотга, камида 10 (ўн) йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда беш йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган, икки ўқув йили давомида муваффақиятли ишлаётган, олий таълим, олий ўқув юртидан кейинги таълим амалиётида  фойдаланилаётган ўқув адабиётлари бўлган, жумладан, ОТМ ўқув дастурларига мос келадиган  якка муаллифликда чоп этилган дарслик ва камида 2 (икки)та ўқув қўлланмаси ҳамда илмий-тадқиқот ва ижодий ишлари бўлган; ўз касбий йўналишида ҳалқаро, минтақа ёки республика миқёсидаги танлов (мусобақа)лар ғолиблари ёки жамоа (жамоаларини) тайёрлаган Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси халқ артистлари, халқ ҳофизлари, халқ рассомлари, халқ меъморлари, халқ ўқитувчилари, халқ ёзувчилари, халқ шоирлари, Ўзбекистон Республикаси фан арбоблари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоблари, хизмат кўрсатган артистлари, рассомлари, меъморлари, тренерлари, ёшлар мураббийлари ва маданият ходимларига;

 б) ёки меъморчилик, маданият ва санъат институтлари ихтисослашган (ижодий, ижрочилик) кафедраларида камида икки йил давомида муваффақиятли ишлаётган, тегишли олий маълумотга, камида ўн беш йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ОТМда ўн йиллик педагоглик иш стажига эга бўлган, кафедра соҳаси мутахассисликлари бўйича амалий машғулотларни юқори касбий даражада олиб бораётган, таълим турларининг бирида амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиётлари, жумладан, ОТМ ўқув дастурларига мос келадиган якка муаллифликдаги дарслиги ва камида 2 (икки)та ўқув қўлланмаси, илмий-тадқиқот ва ижодий ишлари бўлган, шунингдек, ўз соҳасида минтақа (ҳалқаро) ёки республика танловлари ғолибларини тайёрлаган юқори малакали мутахассисларга (маданият, санъат назарияси ва тарихи бўйича мутахассисларидан ташқари).

 

§ 2.5. Илмий-тадқиқот муассасаси мутахассисларига

профессор илмий унвонини бериш талаблари

 

16. Ихтисослик бўйича профессор илмий унвони қуйидаги талабларни бажарган ИТМ мутахассисларига берилади:

а) фан доктори илмий даражасига эга бўлган;

б) катта илмий ходим ёки доцент илмий унвонига эга бўлган;

в) камида 10 (ўн) йиллик илмий ва педагоглик, жумладан ИТМда 5 (беш) йиллик илмий иш стажига эга бўлган;

г) камида бир йил давомида давлат гранти раҳбари ёки илмий-ташкилий тузилма раҳбари ёҳуд бош илмий ходим, етакчи илмий ходим лавозимларида муваффақиятли ишлаб келаётган;

ёки камида бир йил давомида ИТМ раҳбари, раҳбар ўринбосари ёки илмий котиби лавозимларида муваффақиятли ишлаб келаётган;

д) камида 2 (икки) нафар илмий даража олган мутахассис тайёрлаган ёки бир нафар илмий даража олган мутахассис ва камида 5  (беш) нафар магистрга илмий раҳбарлик қилган ёки давлат (номдор) стипендиати ёҳуд халқаро, республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибини тайёрлаган;

е) салмоқли илмий ва илмий-техник натижаларга эришган (монография ёки рисолалар нашр эттирган ёҳуд ихтироларга эга бўлган) ҳамда диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан, илмий журналларда камида ўнта илмий мақола, жумладан, нуфузли хорижий ёки халқаро илмий журналларда иккита илмий мақола чоп эттирган;

ж) таълим жараёнида иштирок этаётган;

з) давлат грантлари ёки бошқа илмий лойиҳалар ёҳуд хўжалик шартномалари асосидаги илмий-тадқиқот лойиҳалари доирасида асосланган ва натижали илмий изланишлар олиб бораётган;

и) маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этаётган;

к) олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар давлат аттестацияси жараёнида иштирок этаётган (тақризчи, илмий семинар ёки фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш аъзоси, расмий оппонент ва бошқалар сифатида).

 

17. Ихтисослик бўйича профессор илмий унвони мазкур Низомнинг 16-бандининг “б” – “г”, “е” – “к” кичик бандлари талаблари бажарилиб,  фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган, таълим турларининг бирида амалиётда фойдаланилаётган якка муаллифликда чоп этилган дарслик ва камида 2 (икки)та  ўқув қўлланма нашр эттирган; касбий ва илмий-педагогик фаолиятида салмоқли ютуқларга эришган; илмий даражада тасдиқланган бир нафар мутахассис тайёрлаган ИТМ мутахассисларига истисно тариқасида берилиши мумкин.

 

§ 2.6. Ўриндошлик асосида ишлаётган мутахассисларга

илмий унвонларни бериш талаблари

 

18. Илмий унвонлар   ушбу   Низомнинг   10-17-бандларида санаб ўтилган тегишли лавозимларга ўриндошлик асосида  (камида 0,25 ставка) тайинланган ёки соатбайлик асосида (240 соатдан кам бўлмаслиги керак) ишлаётган иқтисодиёт тармоқларининг   (ОТМ   ва    ИТМ    ходимларидан    ташқари)    юқори    малакали     мутахассисларига    7-17-бандларда белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда берилади.

Ушбу ҳолларда тақдимнома илмий унвон талабгорининг ўриндошлик иши жойидан тақдим этилади.

 

III. ИЛМИЙ УНВОНГА ТАҚДИМ ЭТИШ ТАРТИБИ

 

19. Илмий унвонга тақдим этиш масаласи илмий кенгашда қуйидаги муддатларда кўриб чиқилади:

доцент илмий унвонига - мутахассис фан доктори (номзоди) илмий даражасида тасдиқланган ёки илмий даража олганлиги тўғрисидаги дипломи нострификация қилинган кундан бошлаб камида бир йил ўтгандан кейин;

 катта илмий ходим  илмий унвонига - мутахассис фан доктори (номзоди) илмий даражасида тасдиқланган ёки илмий даража олганлиги тўғрисидаги дипломи нострификация қилинган кундан бошлаб камида бир йил ўтгандан кейин;

профессор илмий унвонига - мутахассис доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонини олган кундан бошлаб камида бир йил ўтгандан кейин.

 

20. Мутахассис фаолият олиб бораётган муассасанинг тегишли тузилмаси илмий унвон талабгорининг ҳужжатларини кўриб чиқиш учун илмий кенгашга тақдим этади.

Илмий кенгаш ушбу Низомнинг 7-17-бандларида белгиланган талаблар бажарилган ҳолда талабгорнинг ҳужжатларини кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

 

21. Илмий унвон талабгорининг аттестация иши ҳужжатларини қабул қилиб олинган кундан бошлаб 2 (икки) ой муддат ичида илмий кенгашда кўриб чиқилиши керак (ушбу муддатларга июль-август ойлари кирмайди).

 

22. Илмий кенгашнинг илмий унвон олишга тақдим этиш ҳақидаги қарори яширин овоз  билан қабул қилинади.

Илмий кенгаш мажлиси, агар унинг ишида аъзоларнинг камида учдан икки қисми қатнашган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Илмий кенгашнинг илмий унвон бериш масаласи юзасидан қарори, агар мажлисда қатнашган кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берса, ижобий ҳисобланади.

 

23. Илмий кенгашнинг қарори қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддат ичида аттестация иши ЎзР ОАКга тақдим этилади.

 

24. Илмий унвонлар бериш бўйича аттестация ишларини расмийлаштириш тартибини ЎзР ОАК белгилайди.

 

25. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 6 июлдаги 290-сонли қарори билан тасдиқланган «“Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи” танлови ғолибларига илмий даража ёки илмий унвон бериш тартиби тўғрисида Низом»га асосан Ҳукумат комиссиясининг мутахассисга тегишли илмий унвон бериш тўғрисидаги қарорига мувофиқ қуйидагилар ташкил этилади:

а) ЎзР ОАК тегишли илмий кенгашга танлов ғолибига тегишли илмий унвон бериш масаласини  кўриб чиқиш бўйича йўлланма хат билан кўрсатма беради (йўлланма хатга Ҳукумат комиссиясининг қарори нусхаси илова қилинади);

б) илмий кенгаш танлов ғолибига тегишли илмий унвон бериш масаласини кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади;

в) аттестация иши ЎзР ОАКга тақдим этилади.

 

IV. АТТЕСТАЦИЯ ИШИНИ ЎзР ОАКда КЎРИБ ЧИҚИШ

 

26. Илмий кенгаш томонидан тақдим этилган аттестация иши ЎзР ОАКда рўйхатга олиниб, 10 (ўн) иш куни ичида меъёрий-техник экспертизадан ҳамда мазкур Низомнинг 28-бандида белгиланган муддатларда илмий экспертизадан ўтказилади ҳамда якуний қарор қабул қилинади.

ЎзР ОАК тегишли бўлимлари ҳамда эксперт кенгашлари аттестация ишлари ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳамда тегишли меъёрий тадбирларнинг мавжуд ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини текширади.

Меъёрий-техник экспертиза жараёнида мавжуд ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилинмагани аниқланса, аттестация иши ЎзР ОАК Меъёрий комиссияси қарори билан кўрилишдан тўхтатилади ва илмий кенгашга расмий хат билан қайтариб юборилади. Бундай ҳолларда, илмий кенгаш томонидан тегишли хатолик (хатоликлар) тўғрилангандан ёки тегишли тадбир (тадбирлар) белгиланган тартибда амалга оширилгандан сўнг, тегишли ҳужжат ёки аттестация иши янгидан расмийлаштирилиб, йўлланма хат билан қайта тақдим этилади.

 

27. Аттестация ишларини эксперт кенгашида кўриб чиқиш ЎзР ОАК «Эксперт кенгаши тўғрисида Низом» асосида амалга оширилади.

Аттестация иши бўйича ЎзР ОАК Раёсатининг якуний қарори қабул қилинади.

 

28. Илмий унвон талабгорининг аттестация иши ЎзР ОАКда 3 (уч) ой муддат ичида кўриб чикилади (ушбу муддатга июль-август ойлари кирмайди).

Экспертизани ўтказиш узоқроқ муддат талаб этиладиган алоҳида ҳолларда ЎзР ОАК Раёсати қарори билан аттестация ишини кўриш муддати узайтирилиши мумкин.

 

29. Илмий унвонга талабгор аттестация ишини кўриб чиқиш жараёнининг ҳар кандай босқичида: илмий кенгашда - яширин овоз беришгача; ЎзР ОАКда - Раёсат қарори қабул қилингунигача ишни муҳокамадан олишга ҳақли. Илмий унвон талабгорининг ёзма аризасига биноан аттестация ишини муҳокамадан олиш тўғрисидаги қарор ЎзР ОАК Раёсати томонидан қабул қилинади.

 

V. АТТЕСТАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ

 

30. ЎзР OAK Раёсатининг илмий унвон бериш ҳақидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Илмий унвон аттестати илмий унвон бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддат давомида ЎзР ОАК Раёсатининг қарорига мувофиқ фуқаролик паспорти асосида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

 

31. Аттестатни йўқотган мутахассисга янги тартиб рақами қўйилган дубликат илгари берилган аттестатга мувофиқ равишда ЎзР ОАК Раёсати қарори асосида расмийлаштирилади.

Фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарган бўлса, аттестатлар янгисига алмаштирилмайди.

 

32. Аттестатлар ва уларнинг дубликатларини расмийлаштириш ва бериш тартибини ЎзР ОАК белгилайди.

 

VI. ИЛМИЙ УНВОНДАН МАҲРУМ ЭТИШ

(ИЛМИЙ УНВОНДА ТИКЛАШ)

 

33. Аттестация иши экспертизаси нохолис ўтказилганлиги аниқланганда, шахс ЎзР ОАК Раёсати қарори билан тегишли илмий унвондан маҳрум этилиши мумкин.

 

34. Шахсни илмий унвондан маҳрум этиш бўйича илтимоснома ЎзР ОАК Раёсати, ЎзР ОАК эксперт кенгаши, тегишли илмий кенгаш, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан ЎзР ОАК ёки илмий кенгашга тақдим этилиши мумкин.

 

35. Мазкур масала бўйича тегишли материаллар (йўлланма хат (ариза), асословчи тегишли ҳужжатлар) ЎзР ОАКга тақдим этилиши керак. Тақдим этилган материаллар ЎзР ОАК эксперт кенгашида муҳокама қилиниб, масалани кўриб чиқадиган тегишли илмий кенгаш бўйича тавсия берилади.

 

36. ЎзР ОАК топшириғи асосида илмий кенгаш шахсни илмий унвондан маҳрум этиш масаласини мазкур Низом талаблари асосида кўриб чиқади. Илмий кенгаш аъзоларининг 3 нафари таркибида ишчи гуруҳи тузилади. Ишчи гуруҳи масалани бир ой ичида мукаммал ўрганиб чиқиб, Илмий кенгаш қарори лойиҳасини тайёрлайди. Масала илмий кенгаш мажлисида кўриб чиқилади.

Илмий кенгаш мажлиси унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Илмий кенгашнинг илмий унвондан маҳрум этиш ҳақидаги хулосаси, агар яширин овоз бериш натижасида мажлисда қатнашган кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берса, қабул қилинган деб топилади.

Илмий кенгаш ўз мажлисига илмий унвондан маҳрум этилаётган шахсни ва бошқа мутахассисларни таклиф этиши мумкин. Илмий кенгаш тегишли қарор қабул қилади, шунингдек илмий кенгаш мажлиси баённомаси ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради ҳамда ЎзР ОАКга 10 (ўн) иш куни ичида тақдим этади.

 

37. Шахсни илмий унвондан маҳрум этиш бўйича тақдим этилган ҳужжатлар ЎзР ОАК эксперт кенгашида муҳокама қилиниб, тегишли тавсия қабул қилинади.

Эксперт кенгашда илмий унвондан маҳрум этиш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш тартиби “Эксперт кенгаши тўғрисида Низом”да белгиланади.

 

38. Шахсни илмий унвондан маҳрум этиш бўйича илмий кенгаш қарори ва ЎзР ОАК эксперт кенгаши тавсияси ЎзР ОАК Раёсатида кўриб чиқилиб,  якуний қарор қабул қилинади.

 

39. Илмий унвон бериш тўғрисидаги ЎзР ОАК Раёсати қарори 5 (беш) йил олдин қабул қилинган бўлса, мазкур масала кўриб чиқилмайди.

 

40. Илмий унвондан маҳрум этиш бўйича илмий кенгаш илтимосномаси асосида илмий унвондан маҳрум этилган шахс ушбу кенгашнинг илтимосномасига биноан ЎзР ОАК Раёсати қарори билан тегишли илмий унвонда тикланиши мумкин.

 

VII. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

 

 41. ЎзР ОАК Раёсатининг ёки илмий кенгашнинг илмий унвон бериш (рад жавоби бериш) ёки ундан маҳрум этиш бўйича қарори қабул қилинган кундан бошлаб 2 (икки) ой муддат ичида манфаатдор жисмоний ёки юридик шахс ёҳуд илмий кенгаш апелляция билан ЎзР ОАК раиси номига ёзма равишда мурожаат қилиши мумкин.

 

 42. Апелляция қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:

 а) мазкур Низомнинг 41-бандида белгиланган муддат ўтиб кетганда;

 б) ЎзР ОАК эксперт кенгаши хулосаси ва тавсиясига;

 в) бир масала бўйича такроран апелляция берилганда (бундай ҳолларда апелляция тақдим этилса, апелляция белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, «маълумот учун» мазмунидаги кўрсатма билан илмий унвон талабгорининг аттестация ишига тикиб қўйилади ва шу мазмунда апелляция берувчига жавоб хати жўнатилади).

 

43. Кенгаш қарори  юзасидан берилган апелляцияни ОАК Меъёрий комиссияси кўриб чиқади.

Зарур ҳолларда ОАК Меъёрий комиссияси ушбу апелляцияни кўриб чиқиш учун эксперт  кенгашига топшириши мумкин.

Эксперт кенгашда апелляцияни кўриб чиқиш тартиби “Эксперт кенгаши тўғрисида Низом”да белгиланади.

 

44. ЎзР ОАК Раёсати қарори юзасидан берилган апелляцияни тегишли фан йўналиши бўйича ЎзР ОАК Раёсати аъзоси (аъзолари) ва тегишли эксперт кенгаши раиси иштирокида ОАК Меъёрий комиссияси кўриб чиқади.

Агар ОАК Меъёрий комиссияси ушбу апелляцияни кўриб чиқиш лозимлиги тўғрисида қарор қабул қилса, унда ушбу масалани кўриб чиқишнинг аввалги барча босқичларида қатнашмаган олим-мутахассислардан иборат Апелляция комиссияси тузилади.

Апелляция комиссиясида апелляцияни кўриб чиқиш тартибини ЎзР ОАК белгилайди.

Агар ОАК Меъёрий комиссияси ушбу апелляцияни кўриб чиқиш лозим эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилса, унда ЎзР ОАК Раёсатининг рад жавоби бериш тўғрисидаги қарори лойиҳаси тайёрланади ва ЎзР ОАК Раёсатига тавсия этилади.

 

45. ЎзР ОАК Раёсати Апелляция комиссияси ёки Меъёрий комиссиянинг хулосасини кўриб чиқади ва апелляция бўйича якуний қарор қабул қилади.

Апелляция юзасидан ЎзР OAK Раёсатининг қарори узил-кесил ҳисобланади.

 

VIII. ИЛМИЙ УНВОНГА ҚАЙТА ТАҚДИМ ЭТИШ

 

46. ЎзР ОАКда аввал кўриб чиқилган тегишли аттестация ишлари бўйича илмий кенгаш уларни қуйидаги муддатларда қайта тақдим этиши мумкин:

а) ЎзР ОАК Раёсатининг қарори билан аттестация ишига рад жавоби берилган кундан бошлаб камида бир йилдан сўнг;

б) ЎзР ОАК Раёсати қарори юзасидан берилган апелляцияга рад жавоби бериш бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб камида 3 (уч) йил ўтгандан сўнг;

в) илмий унвон талабгорининг аризасига биноан кўрилишдан тўхтатилган аттестация иши бўйича тегишли камчиликлар бартараф этилгандан сўнг.

 

47.   Кенгаш    илмий   унвонга   қайта   тақдим   этиши   учун   ушбу   Низомнинг  7-17-бандларида белгиланган тегишли талаблар бажарилган ҳамда талабгорнинг босилиб чиққан янги ўқув-услубий ва илмий ишлари бўлиши шарт.

 

IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

 

48. Низомга риоя этилишини назорат қилиш ЎзР ОАК томонидан амалга оширилади.  Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни давлат аттестациясидан ўтказишда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида назорат натижалари «ОАК Бюллетени» журналида ёритиб борилади.

 

49. Мазкур Низом бўйича барча тушунтиришлар ЎзР ОАК Раёсати томонидан берилади.

 

50. Мазкур Низом ЎзР Иқтисодиёт вазирлиги, ЎзР Молия вазирлиги, ЎзР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, ЎзР Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги, ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЎзР Ташқи ишлар вазирлиги, ЎзР Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, ЎзР Халқ таълими вазирлиги, ЎзР Ички ишлар вазирлиги, ЎзР Мудофаа вазирлиги,  ЎзР Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, ЎзР Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар технологиялари давлат кўмитаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси  билан келишилган.

Top
BuxDU ATM tomonidan ishlab chiqildi.
Click to listen highlighted text! Powered By GSpeech